Литва Россия ва Беларусни душман давлатлар рўйхатига киритди

Литва ҳукумати Иқтисодиёт ва инновациялар вазирлиги томонидан тайёрланган душман давлатлар рўйхатини тасдиқлади. У Россия ва Беларусни ўз ичига олади.

Бу ҳақда Литва вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Литва томони ушбу давлатларга тегишли компанияларни давлат харидлари тендерларидан четлаштириши ёки улар билан аллақачон тузилган шартномаларни бекор қилиши мумкин. 17 март куни Литва Сейми шошилинч равишда харидлар тўғрисидаги қонунларга чекловларни белгиловчи тузатишлар киритди ва ҳукуматга душман давлатлар рўйхатини тузиш топширилди.

«Агар таклиф қилинаётган товарлар хавф остида бўлган ёки етказиб берувчилар бундай давлатлар билан боғланган бўлса, харидорларда тендерларни рад этиш ёки давлат шартномаларини бекор қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Тасдиқланган давлатлар рўйхатига кўра, харидорлар бу душман давлатларни давлат харидлари орқали молиялаштирмаслик тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин бўлади», деди Иқтисодиёт ва инновациялар вазири Ашрин Армонаите.

Литва ҳукумати томонидан тасдиқланган душман давлатлар ва ҳудудлар рўйхатига қуйидагилар киради: Россия, Беларусия, Россия томонидан босиб олинган Украина Қрими, Молдова ҳукумати томонидан назорат қилинмайдиган Приднестровья ҳудуди, Грузия ҳукумати томонидан назорат қилинмаган Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудуди.

Рўйхат мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилгунга қадар, шунингдек, Литва ҳукумати томонидан белгиланган бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда амал қилади.