Марказий банк меҳнат муҳожирларига молиявий саводхонликни ўргатади

Декабр ойида Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари учун молияни малакали бошқаришни ўргатувчи лойиҳа бошланади.

Мамлакатда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига молияни янада малакали бошқариш имконини берувчи лойиҳа бошлангани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати хабар қилди.

Куни кеча Марказий банк ва “Кафолат” суғурта компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган молиявий саводхонлик бўйича бўлажак тренерлар учун илк тренинг бўлиб ўтди. Келгусида мазкур тренерлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги қошидаги “Ишга марҳамат” мономарказларида фаолият юритади.

Тренингда тўловлар ва пул ўтказмалари, замонавий молиявий технологиялар, молиявий хавфсизлик ва киберхавфсизлик, банк депозитлари каби масалалар ёритилган.

Шунингдек, тренингда Сбербанкдаги россиялик ҳамкасбларнинг ишланмаларидан фойдаланилди, улар муҳожирларни Россияда мавжуд банк хизматлари билан таништирдилар.

Лойиҳанинг бошланиши жорий йилнинг декабр ойига мўлжалланган бўлиб, у “Ишга марказ” мономарказларининг 14 та филиалида бошланади. Мономарказлардаги олти кунлик курс кенгайтирилган вариант бўлиб, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Агробанк, Микрокредитбанк ва Халқ банки кўмагида тезлаштирилган бир кунлик курс ҳам ўтказилади.