Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Хамза Абдуллаевнинг таъкидлашича, меҳнат муҳожирларининг иш ҳақи даражаси борадиган аниқ мамлакат, шунингдек, соҳа ва иш берувчи томонидан тақдим этилган имкониятлар билан чамбарчас боғлиқ.
Мисол учун, Россияда ўртача ойлик иш ҳақи 700-800 АҚШ доллари атрофида, Японияда — 1500-1800 АҚШ доллари, Европада — 1200 дан 2000 АҚШ долларигача ўзгариб туради.
Юртдошларимиз иқтисодий мақсад йўлида хорижга оқиб кетмоқда. Маълумки, муҳожирларимизнинг салмоқли қисми Россия Федерациясида вақтинча иш билан таъминланган.
Мавжуд маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ-октябр ойлари давомида 11 минг 613 нафар тошкентлик аҳоли даромад топиш билан шуғулланган. Шундан 962 нафари Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси кўмагида иш билан таъминланди.
Япония, Корея, Канада, Туркия каби иқтисодий ривожланган давлатлар, Европа давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йил бошидан буён ривожланган давлатлар билан олиб борилган музокаралар натижасида 100 мингга яқин бўш иш ўринларини егаллаш бўйича таклифлар тушди, – дейди Хамза Абдуллаев.