Мирзиёев пойтахт тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26-октабр куни Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишиб, соғлиқни сақлаш тизими фаолияти ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Ташриф доирасида журналистлар Чилонзор туманидаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳудудида жойлашган 87 ўринли юқори технологияли янги жарроҳлик биносида бўлди.

Айни пайтда марказда 870 нафар бемор даволанмоқда. Марказда беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Ҳозирда Россия, Туркия, Австрия, Германия, Финляндия, Жанубий Корея, Япония каби давлатлар билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Марказ раҳбари Дониёр Алимов муассасага ўрнатилган янги жиҳозлар ҳақида гапирди.

– Сўнгги 5-6 йилда марказимизда мавжуд замонавий жиҳозлар сони кескин ошди. Энди тез ва сифатли хизмат кўрсатиш учун бундай имкониятлар керак. Келгусида давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан нафақат Тошкент шаҳрида, балки марказнинг 13 ҳудудий филиалида ҳам замонавий ускуналар ўрнатиш режалаштирилган. Замонавий ангиография ёрдамида беморни тезда ташхислаш, шунингдек, тез ва минимал инвазив операцияни бажариш, яъни кичик кесма ёрдамида томирларда турли операцияларни бажариш мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, бемор беҳушлик остида эмас, бемор ва жарроҳ бутун жараён давомида гаплашиши мумкин. Беморнинг барча тиббий кўрсаткичлари мониторда кўрсатилади.

Марказда 27 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 51 нафар тиббиёт фанлари номзоди меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти хорижда малака оширган. Бу, албатта, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга туртки бўлади, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари Дониёр Алимов.