Миздахон некропол яқинидаги қабристон учун ер участкалари сотилиши – прокуратура текширмоқда

Қорақалпоғистон прокуратураси Миздахон мақбараси яқинида дафн этиш учун ер сотилиши юзасидан терговга қадар текширув бошлади.

Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун таниқли жамоат арбоби ва блогер Лилия Николенко ижтимоий тармоқларда археологик ёдгорлик атрофи қандай қилиб замонавий дабдабали қабристонга айланиб бораётганини кўрсатадиган суратни жойлаштирди.

Маданий мерос объектлари ва археология объектлари ҳудуди, шунингдек, улар атрофидаги муҳофаза этиладиган ҳудудлар қабристон учун ер участкаси сифатида ажратилиши мумкин эмаслиги, акс ҳолда бунинг учун айбдор шахслар маʼмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Қолаверса, жорий йилнинг октабр ойида Агентлик ходимлари археологик ёдгорликни замонавий қабристонга айлантиришга йул қўйилмаслиги ҳақида маҳаллий ҳокимликларни огоҳлантирган эди.

Мазкур иншоотда янги қабрлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида Хўжайли тумани ҳокимлиги томонидан маҳаллий ободонлаштириш бошқармасига ушбу жараённи назоратга олиш бўйича кўрсатма берилди. Бироқ ободонлаштириш бошқармаси обект атрофида янги қабрлар қурилишини ҳали тўлиқ назоратга олгани йуқ.