НАТО Украинани ядровий таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун ускуналар билан таъминлайди

Кимёвий қуролдан ҳар қандай фойдаланиш Украинадаги ҳарбий можаронинг моҳиятини бутунлай ўзгартиради, деди НАТО бош котиби.

Белгия пойтахти Брюсселда 24-март куни бўлиб ўтадиган НАТО етакчилари саммитида Украинага кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий таҳдидлардан ҳимояланиш учун жиҳозлар етказиб берилиши келишиб олинади.

Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда.

«Умид қиламанки, эртага иттифоқчилар Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олишади. Бунга киберхавфсизлик соҳасидаги ёрдам, шунингдек, Украинани кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий таҳдидлардан ҳимоя қилишга ёрдам берадиган ускуналар киради», – деди НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика алянси кимёвий ёки биологик қуроллардан фойдаланишдан хавотирда.

«Кимёвий қуролдан ҳар қандай фойдаланиш можаронинг моҳиятини бутунлай ўзгартиради ва кенг кўламли оқибатларга олиб келади», — дея қўшимча қилди Столтенберг.