Наврўз байрамининг янги формати: «Navro’z Regata» фестивали

«Ипак йўли Самарқанд» сайёҳлик мажмуасида «Navro’z Regata» фестивали бўлиб ўтди. Тадбир Самарқанд халқаро технология университети (СХТУ) ва Шимолий-Шарқий электр энергетика университети (ШШЭЭ, Хитой), «Ипак йўли Самарқанд» сайёҳлик мажмуаси ва «Стеклопластик» МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон ва Хитойдан келган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб, миллий пазандалик таомлари намойиш этилди, сайил сумалак тайёрлаш бўйича маҳорат сабоқлари, ўзбек, хитой, корейс халқларининг анъанавий ўйинлари, чой дастурхонлари намойиш этилди.

Самарқандликлар ва хорижлик меҳмонлар, СХТУ талабалари ва ўқитувчилари турли миллат вакиллари даврасида Наврўз байрамини нишонлади. Ушбу байрамнинг ўзига хос анъаналари ва қадриятлари намойиш этилди.

Маҳаллий санъаткорлар ва олий ўқув юртлари талабаларининг ёрқин чиқишлари, рақс ва цирк томошалари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Фестивал доирасида Марказий Осиёда илк бор «Аждаҳо қайиқ регатаси» танлови бўлиб ўтди. Каналда Хитойдан олиб келинган аждарлар, байдаркалар, каноелар, шунингдек, академик эшкак эшиш қайиқлари сузди. Каноеда эшкак эшиш бўйича профессионал спортчилар, Осиё чемпион ва совриндорлари, Самарқанд халқаро технология университети қошидаги «Ирбис» спорт клуби экипажлари ўз маҳоратини намойиш этди.

Тадбир ташкилотчилари «Navro’z Regata» фестивали Наврўз байрамини халқаро миқёсда нишонлашга янгича ёндашув рамзига айланганини таъкидлади. Ушбу фестивални ҳар йили ўтказиш, жумладан, «Navro‘z Regata Cup» халқаро эшкак эшиш мусобақасини ўтказиш режалаштирилган.