ОАВ: Толибон яна Ўзбекистон ва Тожикистондан ўғирланган вертолётларни қайтаришни сўради

Афғонистон муваққат ҳукумати Мудофаа вазирлиги яна Ўзбекистон ва Тожикистонга вертолётларни қайтариш талаби билан мурожаат қилди.

Tolonews хабарига кўра, Муваққат ҳукумат мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хоразамий Кобул ўғирлаб кетилган вертолётларни тез орада қабул қилиб олишини айтди.

У вертолётлар афғон халқининг мулки эканлигини таъкидлади.

Айни пайтда, айрим афғон таҳлилчиларининг фикрича, Афғонистондаги Толибон ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагани учун вертолёт олишнинг иложи йўқ.

«Биринчидан, мен бу вертолётлар ҳужжатлари Афғонистонга тегишли эканлигига ишончим комил эмас. Иккинчидан, бу ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган Толибон ҳукуматининг муаммоси», – дейди Тожикистондаги собиқ афғон дипломати Фаҳим Коҳдаманий.

Аввалроқ АҚШ мудофаа вазирлиги расмийси Афғонистон армиясининг Кобул қулаганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга юборилган вертолётлари Толибонга берилмаслигини айтган эди.

Апрел ойи охирида президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев нима учун Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётларни Толибонга қайтармаганини тушунтирди.

«Америка овози» нашрига берган интервюсида у афғон учувчилари аввалроқ ўз мамлакатидан Ўзбекистонга олиб қочган самолёт АҚШга тегишли эканлигини айтди.

«АҚШ ҳукумати улар учун пул тўлади, аввалги Афғонистон ҳукуматини молиялаштирди», деди у.

Исматулла Иргашев самолётлар тақдири бўйича қарор Вашингтонда қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Биз бу ҳарбий техникани АҚШ билан келишув асосида сақлаб қолдик ва бу ҳақда Толибонни хабардор қилдик», деди дипломат.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда ҳокимият Толибон томонидан қўлга киритилганидан сўнг мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари ва шахсий таркиби учинчи давлатларга самолётларда учиб, штат ҳудудини оммавий равишда тарк эта бошлаган. Шу тариқа 40 дан ортиқ Афғонистон ҳарбий самолётлари ва вертолётлари Ўзбекистонга учиб отди. Самолётларнинг бир қисми Тожикистонга ҳам учган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2021-йил 14 ва 15 август кунлари мамлакат ҳудудига 22 та ҳарбий самолёт, шунингдек, Афғонистондан 24 та вертолёт қўнганини маълум қилди.