Олти ой давомида МИБ қарздорлардан 1,6 миллиард доллардан ортиқ маблағ ундирди

Мажбурий ижро бюроси томонидан олти ой давомида қарздорлардан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар кўп маблағ ундирилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан биринчи ярим йилликда 18,1 триллион сўм, жумладан, давлат фойдасига 7,5 триллион сўм ундирилди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жами ундириш 2,3 баробар, давлат фойдасига эса 2,4 баробар ошди.

Тармоқларнинг амалий ёрдами туфайли кўмакка муҳтож 16 минг 968 нафар қарздорнинг 9751 нафари иш билан таъминланди, 39 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди, 366 нафарига кредит тўлаш муддати узайтирилди, 6 нафар ташкилотга инвесторлар жалб этилди.

Шу билан бирга, мажбурий ижро соҳасида ҳам ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Айниқса:
• суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш;
• суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари асосида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш чораларини кўриш ва бу масалаларни ҳал этишни охиригача етказиш;
• алимент тўлаш бўйича қарздорлик билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг тўлиқ ва ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлаш, шу жумладан, алимент тўловчиларнинг иш билан бандлигини таъминлаш чораларини кўриш.

Шунингдек, сенаторлар ижро ҳокимияти тизимига ахборот технологияларини кенг жорий этган ҳолда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирларини кўриш зарурлигини таъкидладилар.