Озарбайжонда ўтказилган бизнес-форумда ўзбекистонлик ишбилармон аёллар иштирок этди

Ўзбекистон ва Озарбайжон тадбиркор аёлларининг бизнес-форумида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси иштирок этди.

Тадбир 29-июн куни бўлиб ўтди. Мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари, хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик каби соҳаларни қамраб олган форумда Ўзбекистон тадбиркор аёллари фаол иштирок этди.

Ҳар икки давлат делегациялари вакилларининг таъкидлашича, мазкур форум икки мамлакатнинг турли соҳаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш борасида тажриба алмашиш ва долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим ва долзарб майдонга айланди.

Тадбир сўнгида Аёлларнинг жамият, гендер тенглиги ва оиладаги ролини ошириш комиссияси ҳузуридаги «Тадбиркор аёллар клуби» ҳамда «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш Озарбайжонда аёллар тадбиркорлиги» ассоциацияси ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида B2B форматида ўтказилган учрашувлар натижасида умумий қиймати 54 миллион доллардан ортиқ бўлган 19 та шартнома ва меморандумлар имзоланди.