Парламент комиссияси Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Тегишли қарор ҳар икки палата Кенгашларининг бугун, 15-июл куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида қабул қилинди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига доир мурожаати кўриб чиқилди.

Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2022-йил июл ойида Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган факт ва ҳодисаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил тергов ўтказиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида қўшма қарори қабул қилинди. Комиссия таркиби ва тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари вакиллари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари киради.

Комиссияга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф.Ешматова зиммасига юклансин.

Текширув натижалари жамоатчиликка эълон қилинади ва Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади.

Эслатиб ўтамиз, 25 июн куни Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Лойиҳага киритилган Қорақалпоғистон бўйича таклифлар қорақалпоқ жамиятида турлича қабул қилинди. 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий намойишлар ва тартибсизликлар бўлиб ўтди. Оқибатда расмий маълумотларга кўра, 18 киши, жумладан, 4 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, 243 киши (шундан 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари) жароҳатланган.

Бу воқеалардан сўнг Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддаларини ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилинди. Қонунга хилоф ҳаракатлар юзасидан конституциявий тузумга тажовуз моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Президент Шавкат Мирзиёев оммавий тартибсизликларнинг барча иштирокчилари, биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қилмишларига адолатли ҳуқуқий баҳо бериш бўйича топшириқ берди.