Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида замонавий истироҳат боғи фойдаланишга топширилди

Янги йил арафасида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида замонавий истироҳат боғи фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” миллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан Алимкент кўчасида истироҳат боғи барпо этилди.

Ушбу замонавий яшил боғнинг умумий майдони 1,5 гектарни ташкил қилади. Электрон кутубхона, яшил хиёбон, машғулот майдони, автотураргоҳ, бепул Wi-Fi зоналари мавжуд.

Боғ ҳудудида 40 га яқин ўриндиқ мавжуд бўлиб, мусиқали безак учун замонавий динамиклар ўрнатилган. Ёритиш қуёш панеллари билан ишлайдиган 80 та ёритгич билан таъминланади.

Лойиҳа доирасида атроф-муҳит мусаффолигини асраб-авайлаш, аҳолига экологик тоза шароит яратиш мақсадида вилоятда 5 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.