Покистон ўзбек ҳайдовчилари учун махсус визалар жорий қилмоқчи

Покистон ва Афғонистон юк машиналари ҳайдовчилари учун махсус визалар жорий этади. Ўзбекистон ҳам дастурга қўшилиши мумкин, деб ёзади Spot Pakistan Today нашрига таяниб.

Покистон Савдо вазири Навид Қамарнинг айтишича, янги визалар икки давлат юк ташувчиларига чегарани тўсиқсиз кесиб ўтиш имконини беради. Бу улар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини оширади.

Виза 6 ой давомида амал қилади. Келгусида уларни ўзбекистонлик ҳайдовчиларга ҳам бериш режалаштирилган — бунинг учун уч давлат ўртасида виза шартномаси тузилади.

Вазир Марказий Осиёда экспорт қилувчилар учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади – бунинг натижасида уларнинг Яқин Шарқ, Европа Иттифоқи ва АҚШ бозорларига боғлиқлиги камаяди. Покистон ҳукумати Покистонни минтақавий савдо ва транспорт марказига айлантириш ниятида, дея қўшимча қилди Қамар.

Покистон аллақачон Ўзбекистон билан транзит савдо шартномасини имзолаган. Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Қозоғистон ва Қирғизистон билан бу борада музокаралар олиб борилмоқда.