Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев бугун, 23-ноябр куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Сарҳумдон ва Гулобод маҳаллаларида бўлди.
Муаммоларни вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғиндаги фаолияти орқали жойларда ҳал этиш, барча дастурларни маҳаллалар шароитида амалга ошириш бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган асосий талабдир.
“Сарҳумдон” маҳалласида ҳам ана шу талаб асосида иш йулга қўйилган. Ички йуллар, болалар майдончалари ободонлаштирилди. Яқинда бу ерда янги маҳалла гузари барпо этилди. Дўконлар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар ва ҳарбий-ватанпарварлик майдончалари очилди.
Маҳаллада 6,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, 45 та кўп қаватли уй, болалар боғчаси, хусусий мактаб мавжуд. Ўндан ортиқ кичик корхонада маҳаллий ёшлар ва аёллар меҳнат қилмоқда.
Президентимиз маҳалладаги шароитлар билан танишди. Ҳарбий-ватанпарварлик маскани кўздан кечирилганда бу ерга ҳарбий хизматчилар ва спортчиларни жалб этиш, ёшларни миллий ғурур ва жасорат руҳида тарбиялаш бўйича тавсиялар берилди.
“Яшил Макон” лойиҳаси доирасида маҳалла ҳудудида кўчатлар ўтқазилиб, кичик боғ ташкил этилди. Шавкат Мирзиёев маҳалла оқсоқоллари билан биргаликда истироҳат боғига кўчат ўтқазди. Кекса авлод вакиллари юртимизга тинчлик-омонлик тилаб дуо ўқиди.
Давлат раҳбари кутилмаганда Гулобод маҳалласига боришга қарор қилди. Йул-йулакай аҳоли билан суҳбатлашиб, ҳудуд шароити билан яқиндан танишди.
93 ёшли Анвархўжа ота Президентимизга дуо қилди. Оқсоқол маҳалладаги ўзгаришларга алоҳида тўхталиб, кексалар учун чойхона қуришни сўради. Шавкат Мирзиёев таклифни қўллаб-қувватлаб, муҳтарам оқсоқолга соғлик-саломатлик тилади.
Гулобод маҳалласида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Шайхонтоур туманидаги 45-сонли умумтаълим мактаби мавжуд. Президентимиз ушбу мактабларда ҳам бўлиб, ўқитувчилар билан суҳбатлашди.