Президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркидаги янги биноларни бориб кўрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Охирги 5 йил давомида IT соҳасига 2 миллиард доллар, жумладан, 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. Барча ҳудудларда IT-парклар ташкил этилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилди. Натижада ходимлар сони кўпайди.
Айтиш жоизки, якка тартибдаги IT-мутахассислар сони 43 минг кишига этди. Биргина 2022-йилнинг ўзида Ўзбекистонда 134 та янги IT-компания, жумладан, 50 та хорижий IT-компаниялар пайдо бўлди, экспорт қилувчи корхоналар сони икки баравар кўпайди.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки бугунги кунда маҳобатли кўп қаватли уйга айланган икки қаватли бинода ўз фаолиятини бошлади. Жорий йилнинг 6 ойи давомида IT-парк томонидан 53 миллион долларлик хизматлар экспорт қилинди. Йил охиригача бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
IT-парк қурилиши 2 босқичда амалга оширилмоқда. Бу ерда жами 17 та бино қурилади. Саноат ташкилотлари, университет, коворкинг маркази яқин ҳамкорликда ишлайди. Шунингдек, мажмуада офис бинолари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдончаси, дам олиш масканлари жойлашади.