Путин газ учун тўловларни рублга ўтказишни топширди

валюта, газ, дўстона бўлмаган мамлакатлар, Путин, ҳисоб, россия, рубл Россия президенти Владимир Путин “дўстона бўлмаган мамлакатлар”га газ етказиб бериш учун тўловларни имкон қадар тезроқ рублга ўтказиш қарорини эълон қилди.

Бу ҳақда у 23-март, чоршанба куни ҳукумат билан бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди, дея хабар беради РосСМИ.

Путин, шунингдек, Ғарб Россия активларини музлатиб, ўз валюталарига ишончни сусайтириб, Россия Федерацияси олдидаги мажбуриятларини бажара олмаганини эълон қилганини айтди.

“Энди дунёда ҳамма билади, доллар ва евродаги мажбуриятлар бажарилмай қолиши мумкин, шу муносабат билан Европа Иттифоқи, АҚШга маҳсулотимизни етказиб бериш, тўловни доллар, евро ва бошқа бир қатор валюталарда олиш мантиққа тўғри келмайди. Шу сабабли, энг қисқа муддатда нодўст деб аталадиган мамлакатларга етказиб берилаётган табиий газимиз учун тўловларни Россия рублига ўтказиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширишга қарор қилинди”, — деди Путин.

У Марказий банк ва ҳукуматга бир ҳафта муддатда Россия газини харидорлари томонидан Россия Федерациясининг ички бозорида рублларни қўлга киритиш бўйича операциялар тартибини белгилашни топширди.

Путиннинг қўшимча қилишича, аввал тузилган шартномалардаги нархлар ва ҳажмлар ўзгартирилмайди – фақат тўлов валютаси.