Россия Херсонда «референдум» ўтказмоқчи – разведка

Россия Херсон вилоятида босқичма-босқич «референдум» ўтказишга тайёрланмоқда.

Бу ҳақда Британия разведкасининг 25-апрел, душанбага ўтар кечаси эълон қилинган ҳисоботида айтилади.

«Россия ўз ишғолини оқлаш учун мамлакат жанубидаги Херсон шаҳрида босқичма-босқич референдум ўтказишни режалаштирмоқда. Бу шаҳар Россиянинг Қримга қуруқликдаги кўприк қуриш ва Украина жанубида ҳукмронлик қилиш мақсадининг калитидир», — дейилади ҳужжатда.

Разведка ходимларининг эслатишича, аввалроқ Россия яриморолни босиб олишни орқага қараб оқлаш мақсадида 2014 йилда Қримни Россия Федерациясига қўшиб олиш бўйича ноқонуний «референдум» ўтказган.

Шу билан бирга, экспертларнинг таъкидлашича, Россия Федерациясида сайловлар ҳалол ўтказилмайди.

«Россиядаги ички сайловлар овозларни сохталаштиришда айблаш билан бирга ўтди ва юқори даражадаги мухолифатчиларга сайловда қатнашишга рухсат берилмади», деб таъкидлади разведка агентлиги.