Россия ва Белорус олий таълимнинг умумий тизимидан чиқариб ташланди

Россия Федерацияси ва Белоруссия ваколатхоналари Болония жараёни деб номланувчи олий таълим тизимларини бирлаштиришнинг умумевропа жараёнидан чиқариб ташланди.

Бу ҳақда 13-апрел, чоршанба куни Украина таълим ва фан вазири Сергей Шкарлет маълум қилди.

Қайд этилишича, Болония жараёнини қўллаб-қувватлаш гуруҳи Россия Федерацияси ва Беларусни Болония жараёнида, шунингдек, ишчи гуруҳларда, бошқа барча тузилмаларда ва Европа олий таълим ҳудуди иш дастурида вакиллик қилиш ҳуқуқини тўхтатиб туришга қарор қилган.

«Қарорга 39 та ҳукумат, Болония жараёнининг 6 маслаҳатчи аъзоси ва Олий таълим сифатини таъминлаш бўйича Европа реестри вакиллари томонидан имзоланган тегишли баёнот асос бўлди», — деб ёзди таълим ва фан вазири Сергей Шкарлет.

У, шунингдек, Болония жараёнини қўллаб-қувватлаш гуруҳи котибиятига Украинани ушбу қийин пайтда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Белорус жаҳон ўйинларидан четлаштирилгани учун муқобил Паралимпия ўйинлари ўтказгани хабар қилинганди.