Россия Жаҳон сайёҳлик ташкилотидан чиқариб юборилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари сессиясида Россия Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO)даги иштирокидан тўхтатилди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Дмитрий Кулеба маълум қилди.

«Россия Бош Ассамблеянинг биринчи навбатдан ташқари сессиясида UNWTO аъзолигидан чиқарилди. Мен бу қадамни қўллаб-қувватлаган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдираман. Гаага россиялик ҳарбий жиноятчилар учун ягона саёҳат манзили бўлиши керак. Россиянинг Украина билан уруш туфайли изоляцияси кун сайин янада чуқурлашади.», деди у.

Кулеба UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвилига ушбу қарорни қабул қилиш имконини берган принципиал позицияси учун миннатдорчилик билдирди.

Пололикашвилига кўра, UNWTO Россиянинг аъзолигини шубҳа остига қўйган биринчи БМТ ташкилотидир.

«Бизнинг тамойилларимиз аниқ: тинчлик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш йўлида туризмни ривожлантириш. Бунга амал қилган аъзоларгина UNWTO аъзоси бўлиши мумкин», – деди у.