Самарқанд европалик сайёҳлар учун эшикларини очади

Айни пайтда Самарқанд вилоятининг туризм соҳаси вакиллари Европанинг турли давлатларига хизмат сафарида бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд ҳудудий бошқармаси ҳамда Самарқанд вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш инспекцияси мутахассисларидан иборат делегация «Самарқанд – Янги Ўзбекистон бўйлаб ноёб саёҳат туризмни ривожлантиришга кириш эшиги » мавзусида Испаниянинг Валенсия шаҳрида тақдимот тадбирини ўтказди.

Тадбирда Самарқанднинг кўплаб сайёҳлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Сайёҳлик корхоналари, музейлар ходимлари, шунингдек, археологлар ва Испания оммавий ахборот воситалари вакилларига Самарқанднинг маданий мероси ва тарихининг бойлиги ҳақида сўзлаб берилди.

Самарқанд ва Испания қироллиги ўртасидаги алоқалар Амир Темур ва темурийлар даврида йўлга қўйилгани, Соҳибқирон салтанати даврида бу ерларда испан элчилари фаолият юритганлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчиларида вилоят музейларининг ноёб экспонатлари, Самарқанд халқаро аэропорти, «Ипак йўли Самарқанд» сайёҳлик маркази ва бошқа объектларда сайёҳларни қабул қилиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотди.

Испаниялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш, чартер рейсларини ташкил этиш, икки давлат шаҳарларида маданий тадбирлар ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.