Ўзбекистонда шахсий маълумотларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун қабул қилинди.
Жазо уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш бўлади.
Шуни таъкидлаш керакки, хорижий Интернет-компанияларнинг топ-менежерлари ахборотни сақлаш жойларини жисмоний равишда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларга ўтказишга шошилмаяптилар. Ўзбекистондаги IT-мутахассислар ўз ишчилари жавобгарликка тортиладими ёки бундай чоралар қанчалик самарали бўлишини сўрашмоқда.
«Яқинда Қонунчилик палатаси шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи қонун қабул қилди», деди қуйи палата депутати Санжар Хамидуллаев.
Қонун концепцияси биринчи босқичда фуқароларга этти, мансабдор шахсларга эса эллик асосий ҳисобланган қиймат миқдорида жарима солиш шаклида фақат маъмурий жавобгарликни назарда тутади. Қайта бузилган тақдирда, уларга нисбатан жиноий чоралар қўлланилиши мумкин. Улар жиноятнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, юздан икки юзгача асосий ҳисобланган қийматгача жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
«Хорижий амалиётга мурожаат қилган ҳолда шуни таъкидлаш мумкинки, Францияда шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун санкциялар 150 мингдан 300 минг еврогача, АҚШда — 25 мингдан 144 минг долларгача, Японияда — 1 миллиондан 100 миллион йенгача. Шунингдек, жарималар Германия, Буюк Британия, Швейцария, Сингапур, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда қўлланилган», — деди депутат.
Ўзбекистонда ва ундан ташқарида рўйхатдан ўтган шахсий маълумотлар базалари эгалари билан самарали тайёргарлик ишларини ташкил этиш учун қонун унинг расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киришини белгилайди. Ҳозирда ваколатли давлат органи томонидан мамлакат қонунчилиги талабларини хорижий давлатларда фаолият юритаётган шахсий маълумотлар базалари эгаларига етказиш ва давлат юрисдикциясида тегишли маълумотлар марказларини яратиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.