Шавкат Мирзиёев 2-сентабр – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотираси куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, ҳайкали пойига гул қўйди.
“Бундан 31 йил аввал Ислом Каримов мамлакатимизнинг миллий мустақиллигини эълон қилди. Бу давлатчилигимиз, ҳуқуқ ва эркинликларимиз тикланди, барча ютуқ ва марраларимизнинг асоси бўлди. Шундай экан, биринчи Президент хотирасини эъзозлаш – ўз тарихига ҳурматдир», — деб ёзади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Маросимда Шавкат Мирзиёев билан бирга Олий Мажлис, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Ислом Каримовнинг юрт ва халқ олдидаги хизматлари ҳақида сўзлар янгради. Қуръондан суралар ўқилди.
Президентимиз устозларни эъзозлаш, эзгу сўз билан хотирлаш, ёш авлодга ўрнак бўлиш лозимлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, Ислом Каримов хотирасига бағишланган тантаналар Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.