Шавкат Мирзиёев дунёнинг нуфузли мусулмонлари рўйхатига киритилди

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Амман қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази томонидан тузилган «500 та энг нуфузли мусулмонлар» рўйхатига киритилди.

«Muslim 500» рейтинги 2009-йилдан бери эълон қилинади ва сиёсат, спорт, фан ва маданият, дин ва иқтисодиёт соҳаларида дунёдаги энг кўзга кўринган ва нуфузли мусулмонларни ифодалайди.

Бу рўйхатга Ўзбекистон Президенти биринчи марта киритилди. Қайд этилишича, 2021-йилда Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз олиб, иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган. Ўлимигача 25 йил давомида мамлакатни бошқарган Ислом Каримов ўрнига Мирзиёев хавфсизлик хизматлари ваколатларини чеклаш, ташқи савдо ва сармояни рағбатлантириш, кенгроқ сиёсий эркинлик бериш каби ислоҳотларни бошлаб юборди.

Нашр Ўзбекистон президентининг қўшни давлатлар, шунингдек, АҚШ, Хитой ва Россия билан муносабатларни яхшилаш истаги ҳақида ёзади. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангунга қадар 2013-2016-йилларда бош вазир лавозимида ишлагани қайд этилган.

Рўйхатга Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Ердўғон, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Бирлашган Араб Амирликлари президенти Мухаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Мухаммад бин Салмон Ол Сауд, Эрон президенти Али Хоманаий ҳам киритилган.