Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Душанбега жўнаб кетди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга жўнаб кетди. Расмий ташриф доирасида у Душанбеда ШҲТга бағишланган юбилей саммити тадбирларида иштирок этади.

Президентнинг қўшни давлатга ташрифи 16-17 сентябр кунлари давом этади.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, ШҲТга аъзо давлатлар — Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси раҳбарларининг Тожикистон томони раислигида ўтадиган саммитда иштирок этиши кутилмоқда.

ШҲТнинг юбилей саммити: кузатувчи давлатлар

Ташкилотдаги кузатувчи давлатлардан Беларус Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва Мўғулистон президентлари иштирок этади. Туркманистон раҳбари учрашувнинг фахрий меҳмони сифатида таклиф қилинган. Шунингдек, тадбирда ШҲТ ижроия органлари ва бошқа халқаро институтлар раҳбарлари иштирок этишади.

ШҲТнинг 2021 йил 16-17 сентябрдаги саммитининг кун тартиби

Кун тартибига мувофиқ, иштирокчилар ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолиятининг асосий натижаларини кўриб чиқади, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифаларини муҳокама қилади. Шунингдек, глобал сиёсат ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилади.