Талабаларга уй-жойни ижарага берган уй эгалари солиқдан озод қилинади

Ўзбекистон Республикасида уй эгалари талабаларга уй-жой ижарага берган тақдирда солиқ тўлашдан озод этилиши мумкин.

Тегишли таклиф норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига жойлаштирилган қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига, хусусан, 378-моддага ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилиб, унда “Солиқ тўловчиларнинг талабалар турар жойини ижарага беришдан олинадиган даромадлари солиққа тортилмайди” деб белгилансин.

Аввалроқ расмийлар талабалар турар жойи ижараси нархининг ярмини қоплаш ниятида экани ҳақида хабар берилганди. Дастлабки босқичда ушбу давлат ёрдами ижтимоий ҳимояга муҳтож 60 минг ёшни қамраб олиши керак.

“Ёшлар дафтарига” киритилган талабаларга ҳам субсидиялар ажратилади. Корхоналарда амалиёт ўташ даврида уларга 500 минг сўмгача маблағ ажратилади.