Толибон Ўзбекистон Республикаси чегарасида ўқ узган гуруҳ аъзолари қўлга олинганини эълон қилди

Толибон ҳукуматининг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид 5 июл куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрини Афғонистондан ўққа тутган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинганини маълум қилди.

Унинг айтишича, махсус операция натижасида жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси йўқ қилинган, 5 нафари қўлга олинган.

«Кеча Ислом Амирлигининг махсус кучлари Қундуз шаҳрининг Канжаг туманида хорижийлар марказини топиб, вайрон қилди. Ушбу операция давомида уч жангари йўқ қилинди, беш нафари тириклайин қўлга олинди.

Уларнинг машиналари ва ўқотар қуроллари мусодара қилинган. Яқинда улар Ўзбекистон ва Тожикистонга ракета отишганди», — деб ёзди Афғонистон муваққат ҳукумати вакили ўзининг Twitterдаги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 5 июл куни Афғонистондан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига бешта снаряд етиб келган. Яхшиямки, улар портламаган, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Термиз шаҳридаги «Мажнунтол» маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга кичик зарар етган, снарядлардан бири футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёрлар томонидан зарарсизлантирилган.