Тошкентда иккинчи Ёшлар форуми очилди

Тошкент ёшлар форуми – 2021”да иштирок этиш учун 15 минг киши роʻйхатдан оʻтган.

Тадбир 2021 йил 20-21 декабр кунлари Москва Конгресс-холлда бўлиб ўтади. Форум ташкилотчиси — Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур кенг кўламли тадбир илк бор 2020-йилда бўлиб ўтди. Унда 10 мингдан ортиқ ўғил-қиз иштирок этди. Очилиш вақтига қадар 15 000 иштирокчи Телеграм боти орқали бу йилги тадбирда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.

“Тошкент ёшлар форуми – 2021”дан кўзланган мақсад фаол, мақсадли ва ташаббускор ёшларни бирлаштириш, уларда юрт ҳаётига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ёшлар кенг кўламли тадбирнинг бевосита иштирокчисига айланиб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар, экспертлар, санъат, маданият ва спорт намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашади.

20 декабр куни Форумнинг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Шу куни Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан учрашувлар бўлиб ўтди. Форум иштирокчилари “очиқ микрофон” ёрдамида ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўладилар.

Бошқа залларда Германия, Россия, АҚШ, Швейцария, Франция, Япония элчихоналари вакиллари ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов билан учрашувлар, ёзувчи ва санъаткорлар билан маҳорат сабоқлари, “Абдулла Қодирий” ҳужжатли филми намойиш этилди.