Ўзбекистонда аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган Президент қарори имзоланди.
Мазкур ҳужжатда этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи учун жамоат хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларнинг ноқонуний муомаласи, санитария қонунчилиги ва ветеринария қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Фармонда хорижий товар белгилари ва уларга чалкаш даражада ўхшаш белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилди.
Бу масалаларнинг барчаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган тегишли қонун лойиҳаси билан тартибга солинади.
Қарорда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сертификатсиз, контрафакт ва яроқлилик муддати ўтган яроқсиз товарларнинг ишлаб чиқарилиши ва муомаласига чек қўйилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам назарда тутилган.
Ягона ахборот тизими орқали истеъмолчилар ушбу масалаларни ҳал қилишлари мумкин ва ваколатли органлар уларни қисқа вақт ичида кўриб чиқади. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган фуқаролар тақдирланади.
Қарорга кўра, 2023-йил 1-июлдан бошлаб газланган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.
2023-йил 1-августдан эса алкоголли маҳсулотларнинг товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни лицензиялаш талабига айланади.