Туризм қўмитасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги вакиллари билан ҳамкорлик бўйича янги учрашув бўлиб ўтди.
Германия вакиллари мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган долзарб лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Халқаро ташкилот маълумотларига кўра, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманлари бўйича 2023-йилда туризм соҳасида инфратузилма ва тадбиркорликни яхшилашга қаратилган бош режалар ишлаб чиқилган.
Учрашувда Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасида қўшма турлар ва туристик йўналишларни яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, ягона туризм ахборот платформасини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар. Бу хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратиш, жумладан, мамлакатимиз ҳудудлари сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш, ташриф буюрувчилар учун зарур хизматлар кўрсатиш имконини беради.
Бундан ташқари, томонлар туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш учун коллежларда махсус ўқув дастурини яратишга келишиб олдилар.