Туркия Ақш талабига биноан С-400 дан воз кечмайди

Туркия Россиянинг С-400 зенит тизимларидан Украина фойдасига воз кечиш ниятида эмас.

Бу ҳақда 23-март, чоршанба куни Туркия мудофаа саноати бошқармаси раҳбари Исмоил Демир маълум қилди.

«Бу биз учун муҳокама мавзуси эмас. Биз бу масалани ўтмишда муҳокама қилган эдик, энди эса фақат Россия Федерацияси билан ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз. Бундан воз кечиш ҳатто муҳокама қилинмайди», – деди Демир изоҳида.

Унинг қўшимча қилишича, Туркия «ўз сиёсатини белгилашга қодир».

Аввалроқ Ақш Туркия билан музокараларда Украинага Анқарага тегишли С-400 тизимларини юбориш имконияти масаласини кўтаргани маълум бўлган эди. Бунинг эвазига Туркияга бешинчи авлод Ф-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастурига қайтиш ва америкаликлар С-400 сотиб олгандан кейин жорий қилган санкцияларни бекор қилиш таклиф қилинди.

Маълумки, 2017-йилда Туркия ва Россия ўртасида С-400 тизимларини етказиб бериш бўйича 2,5 миллиард долларлик шартнома имзоланган эди. 2019-йил июл ойида биринчи етказиб бериш амалга оширилди.