Туркия Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берди

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасига қишлоқ хўжалиги техникаси ва картошканинг 5 та янги нави етказиб берилди.

Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтига картошка йиғиш машинаси, картошка экиш, тупроққа ишлов бериш, ўғитлар сепиш ва пуркаш машиналари келтирилди.
Институтга илмий мақсадларда «Leventbey», «Onaran-2015», «Nahita», «Nigsah», «Alegria» навларидаги картошка уруғлари совға қилинди.

Улар институтнинг Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё илмий-тажриба станцияларида синовдан ўтказилади, деб хабар беради матбуот хизмати.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022-йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистонга 10 та давлатдан 38,6 миллион АҚШ доллари миқдорида 223,8 минг тонна картошка импорт қилинган.

Картошка импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 70 минг тоннага ошди.

2022-йилнинг дастлабки 3 ойида Ўзбекистон картошка импорт қилган мамлакатлар номи келтирилган:
Покистон – 172,2 минг тонна;
Қозоғистон – 20,1 минг тонна;
Россия – 13,3 минг тонна;
Қирғизистон – 7,5 минг тонна;
Эрон – 5,4 минг тонна;
Афғонистон – 4 минг тонна;
Беларусия – 631,6 тонна;
Нидерландия – 595 тонна.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, тиббиёт меъёрларига кўра, республика аҳолисининг картошкага йиллик эҳтиёжи 1,9 миллион тоннани, амалда эса йиллик истеъмоли 3,4 миллоион тоннани ташкил этади.

Бу йил картошка етиштириш учун 243 минг гектар ер ажратилди, бу ўтган йилга нисбатан 86 минг гектарга кўпдир.
Жорий йилда экин майдонларини кўпайтириш орқали Ўзбекистон 4,1 миллион тонна ҳосил олиши кутилмоқда.

Унинг 2,6 миллион тоннаси фермер хўжаликларида, 1,5 миллион тоннаси томорқа ерларида етиштирилиши кўзда тутилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2021-йилда картошка ҳосили 3,3 миллион тоннани ташкил этган бўлса, шундан 650 минг тоннаси келгуси йил ҳосили учун уруғлик сифатида ажратилган.

Мамлакатимизнинг тўққизта туманида картошка етиштириш марказлари ташкил этилган бўлиб, саккизта янги картошка кластери ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистоннинг ўн вилоятида 40 туман картошка етиштиришга, 9 туман супер элита навларини етиштиришга, 23 туман уруғчиликка ихтисослашган.