Украина, Львов яқинида Россия армияси ҳарбий полигонни 30 та ракета билан ўққа тутди

Львов яқинида Россия армияси Тинчликни сақлаш ва хавфсизлик халқаро марказига (Яворовский ҳарбий полигонига) ҳаводан зарба берди.

30 та ракета учирилди, деди Львов вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Максим Козитский.

Львов вилоятидаги Яворовский полигонининг ўққа тутилиши натижасида 57 киши жароҳат олди, ҳозир улар касалхонада. 9 киши ҳалок бўлди.

«Бу ЕИ-НАТО чегараси яқинида тинчлик ва хавфсизликка қаратилган янги теракт. Буни тўхтатиш учун чоралар кўриш керак. Осмонни ёпинг», – деди Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари.

Львов вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари Львов яқинидаги Яворов полигонига ҳаво ҳужуми уюштурган.

 

Яворов полигонига зарба бериш орқали россияликлар Украинада тинч ва хавфсиз нуқта йўқлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, деди ички ишлар вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Вадим Денисенко телемарафон чоғида.

Аввалроқ Львовда ҳаво огоҳлантириши эълон қилингани хабар қилинганди. Тармоқнинг хабар беришича, вилоят марказида иккита кучли портлаш овози эшитилган.

Маҳаллий депутат Игор Зинкевичнинг ёзишича, портлашлар Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг Россия ракеталари устида ишлагани натижасидир.

Львов вилоятида портлашлар Россиянинг Украинада махсус операцияси бошланганидан бери биринчи марта янгради.