Украина Мелитопол мери Федоров Россия асирлигидан озод қилинди

Украинада россиялик ҳарбийлар томонидан ўғирлаб кетилган Мелитопол шаҳри мери Иван Федоров асирликдан озод этилди.

Бу ҳақда телеграммада президент девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко маълум қилди.
“Шунчаки, Россия асирлигидан озод этилган Мелитопол мери Иван Федоров президент Владимир Зеленский билан гаплашмоқда”, — деб ёзган Тимошенко.

Тимошенконинг айтишича, Федоровни Россия асирлигидан озод қилиш бўйича махсус операция муваффақиятли якунланган ва ҳозир у хавфсиз. Шунингдек, Президент девони раҳбари ўринбосари Федоров тез орада Украинанинг Мелитопол мери лавозимига қайтишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 11 март куни босқинчилар Иван Федоровни ўғирлаб кетишган. Бир гуруҳ ҳарбийлар унинг кабинетига кириб келишган, эркакни куч билан идорадан чиқариб юборишган, кейин машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетишган.