Украинадан келган қочқинлар Испанияда қулликка айланган – ОАВ

Испания полицияси ноқонуний сигареталар ишлаб чиқаришда украиналик қочқинлар меҳнатидан фойдаланган, шунингдек, катта ҳажмдаги тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб кирган жиноий тармоқни фош қилди. Бу ҳақда DW ёзади.

Маълум қилинишича, Европол иштирок этган тергов давомида Испаниянинг турли минтақаларида 27 киши қўлга олинган, 10 тонна тамаки барглари ва 3,5 миллион қути сигареталар, қимматбаҳо машиналар ва жами 37,5 миллион евролик тақинчоқлар мусодара қилинган.

Бу маълумотларга кўра, Украинадан қочган одамлар учта ноқонуний тамаки заводида ишлаб, вақтинчалик бошпаналарда ўта оғир шароитларда яшаган.

Испания шимолидаги Ла-Риоха минтақасидаги, шунингдек, Севиля ва Валенсиядаги заводлар «илғор технологияга эга» дастгоҳлар билан жиҳозланган бўлиб, улар кунига 540 минг қути сигарет ишлаб чиқариши мумкин . Тамаки маҳсулотлар Испания ва бошқа мамлакатларда сотилган.

Жиноий тармоқ раҳбарлари денгиз соҳилидаги Марбелла курортида ҳашаматли шароитларда яшаган, улар катта миқдордаги пул ювишда гумон қилинмоқда.