Украинанинг Еленовка қамоқхонасидаги терактни тергов қилиш учун комиссия тузилди – ОАВ

БМТ Еленовка колониясида украиналик аскарларнинг ўлимини текширадиган гуруҳ тузди. Бу ҳақда 22-август, душанба куни БМТ Бош котиби спикери Стефан Дюжаррик маълум қилди, деб ёзади CNN.

Таъкидланганидек, комиссия уч кишидан иборат:

  • Бразилиялик генерал Карлос Алберто дос Сантос Круз, БМТнинг Конго Драги тинчликпарвар миссияси (2013-2015) ва БМТнинг Гаитидаги барқарорлаштириш миссияси (2007-2009) собиқ қўмондони — гуруҳ раҳбари;
  • ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг собиқ директори, Исландиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Малидаги кўп ўлчовли интеграциялашган барқарорлаштириш миссияси собиқ полиция комиссари (2016-2021) Нигериядан Иссуфу Якубу.

Дюжаррикнинг сўзларига кўра, миссия Еленовкадаги теракт фактларини аниқлаб, ўз ишини якунлаганидан кейин Бош котибга хабар бериши керак. Бироқ ҳозирча гуруҳ жиноят содир этилган жойда бевосита ишлай олмайди, чунки мазкур колония атрофидаги вазият ташриф буюриш учун хавфлилигича қолмоқда.