Ўзбекистон аҳолисининг Facebook, Telegram, YouTube ижтимоий тармоқларига кириши чекланди

Бугун, 3-ноябр куни “Ўзкомназорат” Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан республика қонунчилигини бузган ижтимоий тармоқларга кириш чекланди.

Текширувда қайд этилганидек, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича қонун ҳужжатлари бузилган.

«Тақиқланган» ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар рўйхатини шахсий маълумотлар субъектларининг ҳуқуқларини бузувчилар реестрида топиш мумкин. “Ўзкомназорат” рўйхатига кўра, 2 июлдан бошлаб Ўзбекистонда Wechat, «ВКонтакте», Twitter, Skype ва TikTokиши чекланди.

3-ноябр куни Мои Мир, Одноклассники, YouTube, LinkedIn, Instagram, Facebook ва Telegram тармоқлари блокланди. Ижтимоий тармоқлар ишидаги узилишлар ҳақида хабарлар соат 19:00 атрофида кела бошлади.
Эслатиб ўтамиз, йирик хорижий ижтимоий тармоқларга жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакатимиз ҳудудида жойлаштириш бўйича “Ўзкомназорат”дан буюртма олинган эди.

Президент 29-октабр куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга норма киритилади. Унда айтилишича, Ўзбекистонда жойлашган техник воситалар ва маълумотлар базаларида шахсий маълумотларни тўплаш, тизимлаштириш ва сақлаш бўйича талабларга риоя қилмаслик фуқароларга БҲҚнинг 7 баравари миқдорида (1 миллион 890 минг сўм), мансабдор шахсларга — БҲҚнинг 50 баравари миқдорида (13 млн. 500 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Қонунда, шунингдек, Жиноят кодексига киритилган ўзгартишга мувофиқ, ушбу қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилган тақдирда қуйидаги жазолардан бири қўлланилиши белгилаб қўйилган:
— БРВнинг 150 бараваригача миқдорда жарима (40 миллион 500 минг сўмгача);
— 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
— 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.