Ўзбекистон чегара қўшинларига АҚШдан 50 дона Toyota автомобили топширилди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига 50 дона Toyota Hilux ва Фортунер русумли автомашиналарни топширди.

Чегара қўшинлари номидан автомобилларни Давлат хавфсизлик хизмати қўмондон ўринбосари полковник Бахтияр Мансуров қабул қилиб олди, деб хабар қилди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Автомобиллар Давлат департаментининг Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинмоқда. Машиналарнинг қиймати 2,25 миллион долларни ташкил этади ва АҚШнинг Ўзбекистонга хавфсизлик соҳасида кўрсатаётган ёрдамининг бир қисмидир.

«АҚШ ва Ўзбекистон оммавий қирғин қуролларини ҳимоя қилиш ва тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни биринчи марта имзолаган 2001-йилдан буён мамлакатларимиз хавфли ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашда тўлақонли шериклар сифатида, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш. Бугун биз ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичини нишонлаётганимиздан мамнунмиз ва умид қиламизки, топширилаётган транспорт воситалари Ўзбекистон давлат чегарасини қўриқлаш, «яшил чегара»ни қўриқлаш бўйича Чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ва тезкорлик билан чегарадаги воқеаларга хизмат кўрсатиш имкон беради.», деди элчи Розенблюм ўз нутқида.

1994-йилда ташкил этилган Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси (НДФ) АҚШ ҳукуматига зудлик билан ҳал қилишни талаб қилувчи кутилмаган ёки мураккаб қуролларни тарқатмаслик ва қуролсизланиш ҳолатларига тезкор жавоб бериш имконини беради. НДФ стратегияни ишлаб чиқиш, музокаралар олиб бориш, дастурларни бошқариш, молиявий операциялар ва шартномани бажариш бўйича ишнинг энг ишончли, хавфсиз ва тежамкор тарзда бажарилишини таъминлаш бўйича тажрибага эга.