Ўзбекистон делегацияси ЮНЖСТ Бош Ассамблеясига тайёргарлик кўриш мақсадида Мадридга ташриф буюрди

Ташкилий қўмита ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси жорий йилнинг 16-20-октябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Мадридга ташриф буюрди.

Ташриф давомида делегация раҳбари ЮНЖСТ Бош котиби Зураб Пололикашвили ва бўлажак Бош Ассамблеянинг асосий тадбирлари ва ён тадбирлари учун масъул ишчи гуруҳлар аъзолари билан учрашди.

Тадбирларнинг дастлабки дастури, ташкилий масалалар, ялпи ва сессия мажлисларининг кун тартиби ва регламенти муҳокама қилинди. Инвестиция форуми, таълим бўйича вазирлар панели сессияси, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» туризм форуми, экотуризм фестивали, энг яхши «сайёҳлик қишлоқлари»ни тақдирлаш маросими ва бошқа тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

ЮНЖСТ Бош котиби Зураб Пололикашвилининг 2022-йил ноябр ойида бўлиб ўтган ташрифи чоғида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишга, жумладан, Самарқанд шаҳрида ЮНЖСТ Халқаро туризм академиясининг очилиши, ЮНЖСТнинг «Ипак йўли» ҳудудий тематик офисининг очилишига шунингдек, Самарқандда ва «Ипак йўли» халқаро туризм мукофотини таъсис этишалоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Самарқандда октябр ойида ЮНЖСТ Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтади

Жаҳон жамоатчилиги эътиборини Самарқандда бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеяга жалб этиш мақсадида жорий йилнинг июн ва октябр ойларида жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари учун бир қатор пресс-турлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Зураб Пололикашвили ЮНЖСТ Ўзбекистонда ўтказиладиган Бош Ассамблея мамлакат ва жаҳон туризм саноати учун тарихий санага айланиши учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини таъкидлади.

Шу муносабат билан ЮНЖСТ билан биргаликда мазкур тадбирларга нафақат ЮНЖСТга аъзо 150 га яқин давлатнинг расмий делегациялари, балки халқаро ташкилотлар раҳбарлари, йирик сайёҳлик компаниялари директорлари ва инвесторларни ҳам жалб этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича ЮНЖСТ Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги Битим имзоланди, уни Ўзбекистон Республикаси номидан ЮНЖСТ Бош Ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ўринбосари АзизАбдуҳакимов ва ЮНЖСТ Бош котиби Зураб Пололикашвили томонидан имзоланди.