Ўзбекистон халқаро майдонда силга қарши курашда фаол иштирок этмоқда

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Женевада бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессияси ишида фаол иштирок этмоқда.

Ушбу сессия давомида ташкил этилган энг муҳим тадбирлардан бири сил касаллигини бартараф этишга бағишланган махсус тадбирдир. Тадбир иштирокчиларида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари алоҳида қизиқиш уйғотди.

БМТ Бош Ассамблеясининг шу йил сентабр ойида силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиши бўлиб ўтиши маълум бўлди. Мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш доирасида Ўзбекистон ва Полшада тадбирлар мувофиқлаштирилиб, интерактив эшитувлар ташкил этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ўз нутқида мавзунинг муҳимлигини таъкидлаб, атрофлича маълумот берди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда қарийб 130 минг кишининг ҳаётини сақлаб қолиш, касалланишни 43% га, ўлимни эса 84% га камайтиришга эришилганини таъкидлади.

Айни пайтда мамлакатимизда силни аниқлаш бўйича 5 босқичли замонавий лаборатория тизими яратилган. Ушбу касалликнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур бўлган барча дори-дармонлар давлат томонидан бепул тақдим этилади.

2023-йилга мўлжалланган Давлат дастурига мувофиқ, 2023-2026-йилларда дори воситалари ва сарф материаллари, тиббий асбоб-ускуналар, мутахассислар тайёрлаш ва инноватсион илмий тадқиқотлар учун давлат бюджетидан 33 миллион доллар, халқаро донорлар ҳисобидан 26,5 миллион доллар ажратиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг 13 та маъмурий вилоятида “Ўпка саломатлиги” мобил бригадалари ташкил этилиб, улар олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлар аҳолисини бепул тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Фтизиатрия ва пулмонология хизматлари интеграцияси натижасида ўпка касалликларини даволаш учун тиббий ёрдам кўрсатишнинг универсал ва юқори технологияли тизими яратилмоқда.

Вазир ўз нутқида, шунингдек, ушбу тадбирда билдирилган барча фикрлар БМТ Бош Ассамблеясининг сиёсий декларациясига киритиладиган якуний таклифларни ишлаб чиқишда инобатга олинишини та’кидлади.

Тадбир сўнгида Ўзбекистоннинг силга қарши кураш тажрибаси яна бир бор юксак баҳоланиб, бошқа давлатлар учун намуна сифатида эътироф этилди.