Ўзбекистон Президенти Қирғизистонга ташриф буюради

 

20-21 июл кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.

 

Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азймбақиев маълум қилди.

 

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев, Тожикистон Президенти Емомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади.

 

«Мамлакатлар раҳбарлари минтақавий хавфсизликка чакирув ва таҳдидларга биргаликда жавоб беришда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фикр алмашадилар, минтақа давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қиладилар, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди», – деди Азимбоқиев.

 

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви доирасида минтақа мамлакатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилгани ҳам маълум бўлди.