Ўзбекистон Президенти «Open Budget» лойиҳаларига қўшимча маблағ ажратди

Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, 2000 дан ортиқ овоз олган 1309 та лойиҳани, шунингдек, 1182 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 4,3 миллион фуқароси овоз берган лойиҳаларни амалга ошириш учун яна 1,3 триллион сўм ажратилади.

Ушбу ташаббуслар таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва бошқа соҳалардаги моддий-техник базани таъмирлаш ва ривожлантиришга қаратилган.

Келгуси йил, яъни 2024-йилда ҳам ҳар бирида 1,5 мингдан ортиқ овоз олган, бироқ ғолиб чиқмаган лойиҳалар учун бюджетдан 305 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Бу лойиҳалар турли соҳалардаги инфратузилмани таъмирлаш ва ривожлантириш билан ҳам боғлиқ бўлади.

«Open Budget» порталига аҳолидан 56 мингга яқин лойиҳа келиб тушган бўлиб, улардан 33 минг 680 таси маъқулланган.

7 апрел куни биринчи ярим йиллик учун ташаббус бюджети лойиҳаси бўйича овоз бериш якунланди.

Йўллар, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа объектларни таъмирлаш бўйича 1666 та лойиҳани амалга ошириш учун 1,57 триллион сўм йўналтирилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Президенти ташаббуси туфайли мамлакат аҳолиси ўз ҳаётини яхшилаш ва фаровонлиги учун янада кўпроқ имкониятларга эга бўлади, шунингдек, ҳукумат уларнинг ташаббусларига қандай муносабатда бўлаётганини, эҳтиёжларини қондиришга интилаётганини кўради.