Ўзбекистон Президенти Рамазон ойи арафасида 500 дан ортиқ маҳкумларни афв этди

Муборак Рамазон ойи бошланишидан аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз айбига иқрор бўлган ва қилмишига пушаймон бўлган беш юздан ортиқ маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

«…халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат, инсонпарварлик ва мурувват каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Жазони ўтаётган, содир этган жиноятига чин кўнгилдан пушаймон бўлган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади», — деб ёзилган матбуот баёнотида.

Афв этилганларнинг умумий сони 541 нафарни ташкил этади.

Уларнинг 136 нафари аёл, 75 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, 36 нафари хорижлик ва 6 нафари тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлганлардир.

Республика Президенти 374 нафар маҳкумни асосий жазодан озод қилди, 110 нафари эса шартли равишда озод қилинди. Шунингдек, 18 нафар шахснинг жазо муддати енгилроқ жазога алмаштирилди, 39 нафар маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилди.

Фармонга кўра, бошқармалар афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, иш қидириши ва жамиятга интеграциялашувида кўмаклашади.

Афв этишдан кўзланган мақсад – маҳкумларнинг янги ҳаёт бошлаши ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишлари.

Мамлакат раҳбарияти афв этиш маҳкумларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга ёрдам беради ва республика жиноий-ҳуқуқий тизимини инсонпарварлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлади, деб умид қилмоқда.