Ўзбекистон Республикаси Президенти Венгрия Бош вазири билан музокаралар ўтказди

Бугун, 10-ноябр куни Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бошланди, унинг доирасида Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан музокаралар ўтказди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда олий даражадаги келишувларга мувофиқ амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Бизнес алоқалари, жумладан, Ўзбекистон ва Венгриянинг йирик компаниялари иштирокида давом этаётган қўшма бизнес-форум доирасидаги самарали натижалар қайд этилди. Саноат, кимё саноати, фармацевтика, банк-молия сектори, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.

Мамлакатлар тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишни жадаллаштириш ниятида. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Венгрия, биринчи навбатда, таълим, маданият ва кинематография соҳаларида фаол гуманитар алмашинув дастурларини давом эттиришни режалаштирмоқда.