Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Миллий мудофаа марказига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 13-январ куни мамлакатимизнинг барча куч тузилмаларини мувофиқлаштирувчи Республика Мудофаа назорати миллий марказига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, Мудофаа вазирлиги тизимида ташкил этилган ва бошқарувнинг энг замонавий шаклларини ўзида мужассам этган марказ мамлакатимизнинг барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиришга мўлжалланган.

Мажмуа мамлакат ҳаво чегарасини, ўқув марказлари ва полигонларида жанговар тайёргарлик жараёнини тезкор назорат қилиш ва реал вақт режимида мониторинг қилиш, шунингдек, транкинг коммуникациялари орқали бўлинмаларнинг ҳаракатларини назорат қилиш имкониятини беради.

Марказ орқали соҳадаги ислоҳотларнинг бориши, бу жараёнда ҳарбий-маъмурий секторларнинг иштироки ва ҳамкорлиги, қўшинларнинг кундалик ва жанговар фаолияти ҳақида маълумотлар йиғилиб, тизимли мониторинг олиб борилмоқда.

Олий Бош Қўмондон марказда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишди, марказнинг самарали фаолиятини йулга қўйиш, мудофаа тизимига тезкор интеграциялашувини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

“Бу марказ мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлигини таъминлашда қўллаб-қувватловчи тузилмага айланиши керак. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда марказ учун дастурий-техник комплекс ишлаб чиқиш зарур”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.