Женевада бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессиясида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Гебрейесус билан учрашди.
Йиғилишда ЖССТ фаол кўмагида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ривожлантириш самарадорлиги ва истиқболлари масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Амрилло Иноятов Тедрос Гебреесусга мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга кўрсатаётган беғараз ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
ЖССТ раҳбари Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва сил касаллигига қарши курашга қаратилган саъй-ҳаракатлар бошқа давлатлар учун ҳам намуна эканлигини таъкидлади.
ЖССТ ва Ўзбекистон ўртасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, Тедрос Гебрейесус «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.