Фанлар академияси Зоология институти Сайғоқни сақлаш халқаро алянси, Табиий ресурслар вазирлиги, Маданий меросни ўрганиш ва туризмни ривожлантириш институти, шунингдек, «Uz-Kor Gas Chemical» ҚК билан ҳамкорликда Оролқум миллий табиат боғи имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида давра суҳбати ташкил этди.
Ушбу тадбир Оксфорд университети (Буюк Британия) тадқиқотчилари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Дарвин ташаббуси/Defra лойиҳасининг «Уйғониш даври ороли: Орол денгизи атрофида саноат, табиатни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш» лойиҳасининг бир қисми бўлди.
Лойиҳанинг асосий мақсади Орол денгизининг қуриган тубида жойлашган Возрождение ороли ва унга туташ ҳудудга муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақомини беришдан иборат.
Бу оролнинг ноёб биологик хилма-хиллигини, шу жумладан йўқолиб кетиш хавфи остида турган сайғоқларни сақлаб қолиш учун зарур.
Шу билан бирга, маҳаллий аҳолини, асосан, экологик туризмни ривожлантириш ҳисобига янги барқарор даромад манбалари билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади.
Давра суҳбатида амалдаги экологик қонунчилик асосида «Оролқум» миллий табиат боғини ташкил этишнинг бугунги ҳолати, табиатдан фойдаланувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлиги учун шарт-шароит яратиш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Боғ ҳудудини баҳолашнинг ботаника ва зоологик мезонлари кўриб чиқилди, унинг зоналари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг чегаралари тасдиқланди. Иштирокчилар Оролқум ҳудуди ва унинг атрофида экотуризмни ривожлантиришнинг мавжуд салоҳиятини ҳам муҳокама қилдилар.
Мутахассислар табиат боғининг чегаралари ва раёнлаштиришни белгилашнинг асосий ёндашувларини, шунингдек, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳудудий тизимларга интеграциялашнинг афзалликларини тушунтириб берди.
Иштирокчилар ҳар бир янги миллий боғ қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг мавжуд тармоғини тўлдиради, келажакда Ўзбекистон табиатининг барча хилма-хиллигини ифодаловчи ягона тизимни шакллантириш имконини беради, деган хулосага келди.