Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон билан чегарадаги воқеага изоҳ берди

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Афғонистон махсус хизматларининг ваколатли вакиллари Орол Пайғамбар ороли ҳудудида ҳар икки томон томонидан алоҳида қонунбузарликларга йўл қўйилганини тан олди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан чуқур тергов олиб борилмоқда.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Афғонистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг ваколатли вакиллари икки давлат давлат чегарасидаги мавжуд вазият юзасидан музокаралар ўтказди.

«2022-йил 21-август куни Орол Пайғамбар ороли ҳудудида (Сурхондарё вилояти) Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиши билан боғлиқ ҳодиса муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Учрашувда ҳар икки томондан алоҳида қонунбузарликларга йўл қўйилгани, бу эса ҳудудда кескинликка олиб келгани эътироф этилди. Ҳозирда воқеа атрофлича ўрганилмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси қурбон бўлган икки кишининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради, олти нафар ярадорга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатади ҳамда ҳибсга олинганларни ўз ватанига қайтариш учун тайёрлаш жараёнини якунлади», — дейилади ТИВ хабарида.

Қайд этилишича, ҳар икки томон ҳам тинчлик ва барча мавжуд муаммоларни бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, ўзаро ҳурмат асосида ҳал этиш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тармоқда ўзбек чегарачилари Амударёдаги Орол Пайғамбар чегара оролига етиб келган афғонларга қарата ўт очгани, шундан сўнг «Толибон» ҳаракати аъзолари оролга келиб тушгани, уни ўз назоратига олгани ҳақида маълумот тарқалган эди.

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) чегара қўшинлари матбуот хизмати хабарига кўра, 2022-йил 21-август куни Орол Пайғамбар ороли (Сурхондарё вилояти) ҳудудида бир гуруҳ Афғонистон фуқаролари давлат чегарасини бузиб, юқорида тилга олинган оролга қайиқлар боғлаб тургани аниқланган.

Ҳудудга етиб келган Ўзбекистон чегарачиларга қоидабузарлар қаршилик кўрсатган.

«Олиб борилган тезкор тадбир натижасида Ўзбекистон давлат чегарасини бузганларнинг барчаси (жами 24 нафар), уларнинг шахсини аниқлаш ва тергов-тезкор тадбирларини ўтказиш учун қўлга олинган», — дейилади хабарда.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра, чегарадаги ҳодисага Ўзбекистоннинг чегара зонасида кўп миқдорда ўсадиган қизилмия илдизининг ноқонуний равишда кавлаб олиниши сабаб бўлганлиги аниқланган.

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг хулосасига кўра, ҳозирда Орол Пайғамбар ороли ҳудуди Ўзбекистон чегара қўшинлари бўлинмаларининг тўлиқ назорати остида.