Ўзбекистон Туркманистондан газ импортини оширди

Ўзбекистон Туркманистон билан қўшимча 1,5 миллиард куб метр табиий газ импорти бўйича шартнома тузди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Йилига қарийб 52 миллиард куб метр табиий газ ишлаб чиқарадиган Ўзбекистон ҳар куни 15 миллион куб метрга яқин газ импорт қилади.

Агентлик маълумотларига кўра, кунига қўшимча 20 миллион куб метр газ импорти қиш мавсумида газ танқислигини қоплаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, келишув 12 декабр куни Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашганида имзоланган эди.

Энергетика вазирлиги туркман гази Ўзбекистонга қайси санадан бошлаб келиши ҳақида ҳали расман изоҳ бермади. Шу билан бирга, жойларда табиий газнинг паст босими билан боғлиқ муаммолар ҳамон кузатилмоқда.