Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр

Афғонистон шарқидаги Пактика ва Хост вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида камида 1000 киши ҳалок бўлди, 1500 киши жароҳат олди. Бу сўнгги беш йилдаги дунёдаги энг катта зилзиладир.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Афғонистон вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб қурбонлар ва жароҳатланганлар, шунингдек, жиддий зарар кўрилгани ҳақидаги хабарни чуқур таассуф билан қабул қилди.

«Биз ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлигимизни билдирамиз ва барча жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон халқига табиий офатнинг аянчли оқибатларини тезроқ бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр экани таъкидланди.

Зилзила 10 км чуқурликда қайд этилган ва қўшни вилоятларда, жумладан Афғонистон пойтахти Кобулда, шунингдек, Покистон, Ҳиндистон ва Ўзбекистонда ҳам сезилган, дея хабар беради Бмтнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОЧА).

БМТ тизимидаги гуманитар ташкилотлар Афғонистон ҳукумати билан келишилган ҳолда кучли зилзиладан жабр кўрган вилоятлар аҳолисига ёрдам кўрсатишни бошлади.

ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари Мохаммед Аг Айоянинг айтишича, ЮНИСЕФ ходимлари жабрланганларга ошхона анжомлари, совун, ювиш воситалари, сочиқ ва гигиеник салфеткалар каби гигиена воситалари, шунингдек, иссиқ кийим, поябзал, адёл ва чодирлар тарқатмоқда.

Унинг сўзларига кўра, де-факто Афғонистон ҳукумати ЮНИСЕФ ва Бмтнинг бошқа агентликларидан жабрланганларни қўллаб-қувватлашни сўраган.

Кейинчалик Афғонистон Ислом Амирлиги амири ва Толибон раҳбари Охундзода зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўрагани ҳам маълум бўлди.

Афғонистон ҳукумати зилзила муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказди. Ҳокимият барча масъул бўлимларга ҳудудга тезкор гуруҳларни жўнатиш бўйича кўрсатма берди.

«Ўлганларнинг яқинларига моддий ёрдам кўрсатиш ва ярадорларни даволаш чоралари ҳам кўрилди», – деди ҳаракат вакили Забиуллоҳ Мужоҳид. У кутилаётган товон миқдори ва бошқа тафсилотларни келтирмади.

Толибон етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода халқаро ҳамжамият, шунингдек, хайрия ва гуманитар ташкилотлардан «Афғонистон халқига ушбу фожиа муносабати билан ёрдам беришни» сўради. Унинг баёнотини «Толибон» вакили Билол Каримий Twitterда эълон қилди.