Ўзбекистонда 2022-йилда 200 дан ортиқ мактабни реконструкция қилиш ниятида

Ўзбекистон ҳукумати келаси йили мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 200 дан ортиқ мактабда реконструкция ишларини олиб бориш ниятида.

Бу ҳақда АИМКда бўлиб ўтган брифингда Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.

Маърузачининг сўзларига кўра, 2022-йилда Ўзбекистонда 15 мингдан ортиқ ўқувчига мўлжалланган 37 та мактаб қайта тикланади. Бундан ташқари, 180 та мактаб қўшимча реконструкция қилиниб, уларда қарийб 72 минг ўқувчи таълим олиши мумкин. Умумий рўйхатдаги 89 та таълим муассасаси капитал таъмирланади.

2018-2021-йилларда Ўзбекистон мактабларида қўшимча 474,5 минг ўқувчи ўрни яратилди. Мазкур лойиҳага давлат бюджетидан беш триллион сўмдан ортиқ маблағ йуналтирилди. Шунингдек, 11 йиллик таълим тизимига ўтиш муносабати билан 383 та касб-ҳунар коллежи 221 минг қўшимча ўринли мактабга айлантирилди.

Маълумки, бугунги кунда 5 миллион ўқувчига мўлжалланган 10 минг 130 мактабда 6 миллион 246 минг нафардан ортиқ бола таълим олмоқда. Таълим ва фан вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, яқин беш йилда мактаб ўқувчилари сони 7,5 миллионга кўпаяди.